Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Qatar Masters-2024” халқаро турнирининг 2-тур ўйинлари ортда қолди. Ўзига хос тарзда кечган 2-турда мамлакатимизнинг биринчи рақамли шахматчиси Нодирбек Абдусатторов қора доналарда БАА вакили Омран ал Хасани билан куч синашди. Оғир ва ўта мураккаб кечган баҳснинг 38-юриш ҳолатида томонлар муроса йўлини танлади.

05-12-2024

Мукофот жамғармаси 94 250 АҚШ доллардан иборат турнирнинг 1-турида мағлубиятга учраган Нодирбек Ёқуббоев 2-турда оқ доналарда шотландиялик Абдулла Муродни 43-юриш вазиятида мағлубиятга учратди. Ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Афруза Ҳамдамова 2-турда россиялик таниқли гроссмейстер Владислав Артемьев билан, Шамсиддин Воҳидов ҳиндистонлик Кришна Гутам билан дуранг ўйнади

Мазкур турда маҳоратли шахматчиларимиз Муҳиддин Мадаминов, Абдумалик Абдусалимов, Ортиқ Нигматов ва Саидакбар Сайдалиев ғалабага эришиб, очколари сонини 1,5 тага етказиб олди. Турнирнинг “А” гуруҳида дона сураётган Муҳаммадзоҳид Суяров, Ҳумоюн Бекмуродов, Олмос Раҳматуллаев, Муҳаммадали Абдураҳмонов 2-турда Ёқуббоев қайд этган натижага эришиб, 0,5 очколи бўлди.

05-12-2024

Шахматчиларимиздан Баҳром Бахриллаев, Нилуфар Ёқуббоева ва Асроржон Омоновнинг мазкур турда омади чопмади. Ортда қолган 2-тур ўйинларидан сўнг 16 нафар шахматчи 2 очко билан етакчиликка даъвогарлик қилаётган бўлса, 22 нафар шахматчи 1,5 очко билан даъвогарларни таъқиб этмоқда. Таъқибчилар орасида 1,5 очколи ҳамюртларимиз Ортиқ Нигматов, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов, Абдумалик Абдусалимов, Афруза Ҳамдамова ва Саидакбар Саидалиевнинг борлиги эътиборлидир.

05-12-24

Бугун, 5 декабрь куни ўтказиладиган 3-тур ўйинларида Нодирбек Абдусатторов польшалик Алиция Сливицкий билан оқ доналарда кураш олиб боради. Нодирбек Ёқуббоев эса қора доналарда эронлик Атин Ашраф қаршилигини енгишга ҳаракат қилади. Айтиш лозим, эронлик ушбу шахматчи кеча ўтказилган 2-турда ФИДЕ рейтингида 29-ўринни эгаллаб турган Парҳам Магсудлуни доғда қолдирганди.

Мазкур турнинг энг қизиқарли ва марказий ўйинларидан бири ҳамюртимиз Саидакбар Саидалиев ва ФИДЕ рейтингида 4-ўринда бораётган дунёнинг энг кучли шахматчиларидан бири сифатида эътироф этиладиган ҳиндистонлик Аржун Эригаиси ўртасида кечади. Ушбу турда ўзбекистонлик шахмат ишқибозлари учун яна бир ўзига хос баҳс Муҳиддин Мадаминов – Ортиқ Нигматов ўртасида кечади.

Шунингдек, 3-турда Адитья Дхингра(Ҳиндистон) – Шамсиддин Воҳидов, Муртас Кожгалиев (Қозоғистон) – Афруза Ҳамдамова, Хинг Чжу(Хитой) –Абдумалик Абдусалимов учрашувлари ҳам биз учун диққатимизни тортадиган жанглар сирасига кириши билан аҳамиятли. Зеро, 1,5 очкога эга бўлган шахматчиларимизнинг қайсидир бирлари ғолибликка номзодлар сафига қўшилиши айнан бугун ўтадиган 3-тур ўйинларидаги якуний ҳисобга боғлиқ эканлиги кундек равшан.

Эслатиб ўтамиз, 9 турдан иборат “Qatar Masters-2024” халқаро турнирида 278 нафар шахматчи “А” ва “В” гуруҳларида иштирок этмоқда. “А” гуруҳида мамлакатимизнинг 15 нафар етакчи шахматчиси қатнашаётган бўлса, “В” гуруҳида 22 нафар ёш шахматчимиз дона сурмоқда.

Нуфузли турнирнинг ғолиб ва совриндорлари 12 декабрда аниқланади.