
Тошкентдаги Халқаро шахмат академияси мажмуасида ўтаётган “Президент кубоги-2024” халқаро турнирининг сўнгги тур ўйинлари остонасида ҳиндистонлик Ниҳал Сарин 7 очко билан “А” гуруҳида етакчига айланиб олди.
Кеча ўтказилган 8-тур ўйинида Ниҳал Сарин оқ доналарда кутилмаганда Жавоҳир Синдоровдан устун келиши ҳинд шахматчисини ғолиблик остонасига жуда яқинлаштирди. Мазкур турда мусобақада биринчи рақам остида таснифланган Абдусатторов хитойлик Ху Мингуидан устун келди ва очколар сонини 6 тага етказиб олди.
Бугун, 29 ноябрь куни халқаро турнирнинг сўнгги 9-турида “А” гуруҳида 7 очко билан етакчилик қилаётган Ниҳал Сарин Нодирбек Абдусатторов билан куч синашади.
Воқеалар ривожидан олдинга ўтиб айтиш лозимки, бугун Нодирбек Ниҳални мағлубиятга учрата олса, қўшимча кўрсаткичларга кўра чемпионликка эришиши мумкин. Бунда Ортиқ Нигматов, Нилаш Саҳа, Жавоҳир Синдоров иштирокидаги ўйинлар Абдусатторовнинг ғалабасига хизмат қилиши лозим бўлади.
Тўққизинчи тур олдидан Ортиқ Нигматов, Нилаш Саҳа, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Парҳам Магсудлу, Шамсиддин Воҳидов ва Саидакбар Саидалиев 6 очкодан жамғарган. Нодирбек Ёқуббоев 5,5 очко билан 9-поғонада бормоқда.
Шамсиддин Воҳидов кеча 8-турда ҳинд шахматчиси Нилаш Саҳа билан дуранг ўйнади. Саидалиев ҳиндистонлик гроссмейстер Пураник Абҳиманюни, Ортиқ Нигматов Санкалп Гуптани мағлуб этди. Нодирбек Ёқуббоев ҳам ҳиндистонлик гроссмейстер Пранит Вуппаладан устун келди.
Бугун 9-тур доирасида марказий ўйинлар Жавоҳир Синдоров – Нилаш Саҳа, Шамсиддин Воҳидов – Ортиқ Нигматов, Аюш Шарма – Нодирбек Ёқуббоев, Парҳам Магсудлу – Саидакбар Саидалиев ўртасида кечади.
Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 75 минг АҚШ долларидан иборат “Президент кубоги-2024” турнирининг ғолиби 25 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.