Тошкентда давом этаётган “Президент кубоги-2024” халқаро мусобақасининг якунланишига 2 та тур қолганида “А” гуруҳидаги етакчилар қаторида ўзгариш юз берди.

Маҳоратли шахматчимиз Жавоҳир Синдоровнинг оқ доналарда ҳиндистонлик Санкалп Гуптани доғда қолдириши, Ортиқ Нигматовнинг қора доналарда Ниҳал Саринга имкониятни бой бериши натижасида улар 6 очко билан 7-турни қаршилашга муваффақ бўлди.

Ушбу турда Нодирбек Абдусатторовнинг қора доналарда Абхиманью Пураник билан дурангга эришиши, Шамсиддин Воҳидовнинг оқ доналарда Нодирбек Ёқуббоевдан устун келиши, эронлик Парҳам Магсудлунинг ҳиндистонлик Саха Нилаш билан муросага келиши турнир жадвалида шахматчиларнинг жойлашувини ўзгартириб юборди.

Шу тарзда Жавоҳир Синдоров ва Ниҳал Сарин 6 очко билан етакчилик қилмоқда. Шамсиддин Воҳидов ва Саха Нилаш 5,5 очко билан кейинги поғоналарда қолмоқда. Ҳамюртларимиз Ортиқ Нигматов, Нодирбек Абдусатторов, ҳиндистонлик Абхиманью Пураник, Гупта Санкальп, эронлик Парҳам Магсудлу, хитойлик Минхуэй Цой, туркманистонлик Сапармурат Атабаев, ўзбекистонлик Саидакбар Саидалиев 5 очко билан ғолибликка даъвогарлик қилмоқда.

Бугун, 28 ноябрь куни “Президент кубоги-2024” турнирининг 8-тур мусобақаларида Нодирбек Абдусатторов – Минхуэй Цюй, Ниҳал Сарин –Жавоҳир Синдоров, Саха Нилаш – Шамсиддин Воҳидов, Сапармурат Атабаев – Парҳам Магсудлу, Саидакбар Саидалиев – Абхиманью Пураник, Ортиқ Нигматов – Гупта Санкальп рўбарў келади.

Айнан ушбу курашлар очиқроқ айтганда, бугунги 8-тур ўйинлари Тошкент мусобақаларида ғолибликка кимлар асосий даъвогар эканлигига ойдинлик киритиши билан аҳамиятли ҳисобланади.

Мукофот жамғармаси 75 минг АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг сўнгги тур ўйинлари 29 ноябрь куни бўлиб ўтади.