Бугун, 26 июнь куни пойтахтимизда давом этаётган "UzChess Cup-2025" турнирининг 8-турида "Masters" гуруҳида ғолибликка асосий даъвогар саналган ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов қора доналарда жаҳон чемпиони Ян Непомняшийга қарши дона суради.
Кеча ўтказилган 7-тур ўйинларида кучлилар гуруҳининг 3 та баҳсида дуранг қайд этилди. Иккитасида ғолиб номи аниқланди.
Хусусан, Нодирбек Абдусатторов Пархам Магсудлуни, Жавоҳир Синдоров ҳиндистонлик Аравинд Читамбарамни мағлуб этди. Шамсиддин Воҳидов - Нодирбек Ёқуббоев, Ричард Раппорт - Аржун Эригаиси, Ян Непомняший - Рамешбабу Праггнанандха қарама-қаршилигидаги учрашувларда муроса йўли танланди.
Бугун ўтказиладиган 8-тур ўйинлари остонасида Нодирбек Абдусатторов 5 очко билан якка пешқадамга айланиб олди. Кейинги поғоналарни банд этган ҳиндистонлик Аржун Эригаиси ва ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров ҳисобида 4,5 очко мавжуд.
8-турда Эригаиси қора доналарда ҳамюрти Рамешбабу Праггнанандха билан, Жавоҳир Синдоров қора доналарда Нодирбек Ёқуббоев билан куч синашишини эътиборга олсак, бу, Абдусатторов учун қайсидир маънода омадли ҳолат дейиш мумкин.
Мукофот жамғармаси 105000 АҚШ долларидан иборат халқаро турнирнинг “Challengers" гуруҳида қора доналарда озарбайжонлик Ниджат Абасов билан дурангга эришган грециялик Николас Теодору 5,5 очко билан етакчига айланган вазиятда, ҳамюртимиз Муҳиддин Мадаминов 4,5 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди. Ўтган 7-турда Мадаминов оқ доналарда америкалик Эндрю Ҳонгни мағлуб этди.
Бугун “Challengers" гуруҳи пешқадами Николас Теодору 8-турда оқ доналарда украиналик Василий Иванчук қаршилигини енгишга ҳаракат қилса, Муҳиддинов оқ доналарда Гулруҳбегим Тоҳиржонова билан рўбарў келади.
“Futures" гуруҳида кеча ўтган 7-турда Ортиқ Ниғматов қора доналарда даниялик Борис Чаталбашевга имкониятни бой бериб қўйган бўлса-да, 4,5 очко билан карвонбошиликни давом эттирмоқда. Бугун Ниғматов қора доналарда терма жамоамиз аъзоси Саидакбар Саидалиев билан куч синашади. Ортиқ Ниғматовни 4 очко жамғарган ҳолда таъқиб этаётган туркманистонлик Сапармурат Атабаев 8-турда оқ доналарда венгриялик Роберт Ракка қарши дона суради. Айтиш лозим, Атабаев 7-турда маҳоратли шахматчимиз Саидакбар Саидалиев билан дурангга эришган эди.
Эслатиб ўтамиз, якунланишига бир кун қолган "UzChess Cup-2025" турнирининг "Masters" гуруҳида ғолибликни қўлга киритган шахматчи 20 минг АҚШ долларига эга чиқиш билан бирга, FIDE Circiut рейтинги учун қимматли очколарга ҳам мушарраф бўлади.





