Жорий йилнинг 1-7 май кунлари Швециянинг Мальмё шаҳрида классик шахмат бўйича ўтказиладиган йилнинг энг нуфузли турнирларидан бири - “Tepe Sigeman & Co Chess Tournament 2026” мусобақасида иштирок этадиган 8 нафар қатнашчининг 2 нафари номи маълум бўлди.
Дастлабки иштирокчи сифатида FIDE рейтинги етакчиси, норвегиялик Магнус Карлсен белгиланган бўлса, ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов иккинчи қатнашчи мақомига эга бўлди.
Бундан икки йил муқаддам ўтказилган “Tepe Sigeman & Co Chess Tournament 2024” мусобақасида Абдусатторов тай-брекда ҳиндистонлик Аржун Эригаисини доғда қолдириб, ғолибликка эришган эди.
Ўтган йилги “Tepe Sigeman & Co Chess Tournament 2025” баҳсида Жавоҳир Синдоров 7 та турдан иборат ўйинда бирон марта ҳам мағлубиятга учрамасдан 4,5 очко билан 1-ўринни эгаллаган.



