Чехия пойтахти Прага шаҳрида шахмат бўйича ўтказилган “Prague International Chess Festival 2026” турнирининг "Masters" гуруҳида иштирок этган ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Нуфузли турнирнинг сўнгги 9-тур баҳсида Абдусатторов оқ доналарда америкалик Ханс Ниманнга, Ёқуббоев қора доналарда германиялик Винсент Кеймерга қарши дона сурди.

Қизиқарли кечган ўйиннинг 34-юриш ҳолатида Абдусатторов-Ханс Ниманн қарама-қаршилигидаги баҳсда муроса йўли танланди. Ёқуббоев эса қора доналарда ҳаракатланишига қарамасдан германиялик рақибини мағлуб этди.

Ғолибликка даъвогар Жорден ван Форест қора доналарда эронлик Парҳам Магсудлуга имкониятни бой берди.

Мусобақанинг охирги турида ушбу натижаларнинг қайд этилиши натижасида Абдусатторов 5,5 очко билан турнирни 1-ўринда якунлади. Ёқуббоев ҳам муваффақиятга эришиб, очколари сонини 4,5 тага етказди.

Айтиш лозим, 2026 йилни муваффақиятли бошлаган Нодирбек Абдусатторов январь ойида “Tata Steel Chess-2026”да ғолиб чиқиши ортидан Прага турнирида ҳам зафар қучди ва ФИДЕ рейтингидаги балларини 2780 га етказиб, ТОП-4 талик қаторга қўшилди.