Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов иштирокида учрашув.

Юксак маънавиятли, ғайрат ва шижоатга тўла, ўзига ишонган, теран фикрли, ҳаётга ёрқин кўз билан қаровчи ёшлар эртанги куннинг эгасидир. Бир сўз билан айтганда, “Ёшлар - бу мамлакат келажаги!”.

Шу муносабат билан 2022-йилнинг 14-апрел куни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида шахматнинг рапид йўналиши бўйича энг ёш жаҳон чемпионига айланган, “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндори Нодирбек Абдусатторов иштирокида талаба-ёшлар учун ижодий учрашув ташкил этилди.

Мазкур учрашув аввалида меҳмонимиз ўқув юрти раҳбарияти ва барча талабаларга ўзи ҳақида ҳамда бугунги кунгача қандай қилиб юқори натижаларга эришиб келаётганлиги хусусида сўзлаб берди.

Тадбир давомида институтнинг шахмат бўйича ғолиби бўлган профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда ёш чемпион ўртасида ўзаро ўртоқлик беллашуви ўтказилди. Қизиқарли жараёнларга бой бўлган мусобақа барчада катта тассурот қолдирди. 

Нодирбекнинг таъкидлашича, “Юқори натижани қўлга киритиб чемпион бўлганимдан бери ҳеч қайси олий таълим муассасасига бориб, ҳозиргидек ижодий учрашувларда қатнашмаган эдим. Лекин Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти биринчилардан бўлди. Ўз ўрнида институт ректори Илхом Сабиров ва ташкилотчиларга миннатдорлик изҳор этаман. Талабаларга омад, зафарлар ёр бўлсин!”.

Хулоса сифатида айтиш керакки, мана шундай маънавий учрашувлар ёшлар учун катта мотиватсия бўлиб, уларни руҳлатиради. Ўзига ишончини орттириб, юқори марралар сари интилишида фойдадан ҳоли бўлмайди. Зеро, келажак билимли ёшлар қўлида!

ТТЕСИ Матбуот хизмати